Қадимий урф-одатларимиз сири

Анъаналар ва урф-одатлар

04.04.2018

 

Янгиликка ўч ва анчайин замонавийликка интилган ёшларимиз негадир кейинги пайтларда ота-боболаримиз, бувиларимизнинг тўй маросимларидаги азалий урф-одатларига шунчаки кўр-кўроналик билан ёндашаётгандек туюлади. Аслида эса бу урф-одатлар тагзамирида миллий қадриятларимиз, ўзлигимиз мужассам. Энг чиройли келин бўлиш ёки кўркам куёв бўлиш билан эртанги кун пойдевори қурилиб қолмайди. Нега дейсизми?..

Тўғри, диний эътиқодлар юзасидан  келин келганда олов атрофида айланиши,  зардўштийлик маросимлари билан боғлиқ урф-одатлардан бири. Биз тўй саёҳатини от-аравада ўтказинг демаймиз. Аммо тўй куни келиннинг поёндоз босиб остонадан кириши, ҳудудларга хос бўлган ҳолда таъзим қилиши, қайнона ва қайнота қўлидан кўрмана олиши ҳам одатийдек туюлади. Бироқ даҳмаза устига даҳмаза орттириб “учар ҳашаматчилар” томонидан ўйлаб топилаётган урф-одатлардан бирор маъни тополмайсан киши.

Чимилдиқ – ҳаё остонасига тутилган бахт қўрғонидир. Бувиларимиз азалдан саруполар аввалида ният қилиб аввал чимилдиқ тахлашган. Чимилдиқни кашталар билан безатиб унга яхши ният билан ўғил ва қиз боланинг дўпписи ёки бирор кийимчасини, туморларни осиб қўйишган. Чимилдиқнинг икки тори – ипларига қўш қошиқлар тугишган; бунинг маъниси келажакда шу икки ёшнинг, оиланинг ризқ-насибали бўлишларини тилаш белгисидир. Тумор кўздан асраса, ўғил ва қиз боланинг кийими фарзанд тилаб турган. Чиллали уйда, чиллали жойда тиланган барча орзу ниятлар албатта ижобат бўлади. Қирқ кунда уй тўридан чимилдиқ йиғиб олинишининг маъниси эса янги келин-куёвни ёт назардан асраш билан бирга бад ниятли иримчилар хатлаб ўтолмайдиган чегара вазифасини ҳам бажарган. Аввали Худо асрасин. Бугун на яхши-ёмонни, на дўст-душманни ажратолмайдиган бўлиб қолганимизга ўзимиз ҳам ечим тополмаётгандекмиз. Бундан ташқари чимилдиқ маросимларидан:

* Келин-куёвларни кўзгу қаратиш; чироқ айлантириш; асал ялатиш; келиннинг этагига бола бериш одатларининг ҳам ўз маъноси бор.

Келин-куёвнинг бир ойнага қаратилиши бу асли шу дийдор ва шу қиёфага ичилган онт ва қасамдир. Кўз очиб кўрганига хиёнат қилганлиги туфайли бугун қанчадан-қанча оилаларнинг бузилиб кетаётганининг сабаби шу онтнинг бузилганидан. “Чироқ айлантириш”да эса келин янгалар томонидан қуйидаги жумлалар айтилади; “куёв келиндан айлансин, келин куёвдан айлансин...”  Бу – узилмас меҳр риштасини ёруғлик билан боғлаш демакдир. Меҳрсиз-оқибатсиз оила бўлармиди, сиз нима дейсиз.

Асал ялатиш маросими эса, “энди тилингдаги маънисиз, аччиқ гапларни унутгин, ширин тил билан бир-бирингизга боғланинг” деганидир. Ширин тил – жон озиғи, аччиқ тил – бош қозиғи” деб бежиз айтишмаган ахир. Ёшларимиз орасида анчайин “замонавий ўзғирлик ва кўрк” сўкинишлардан ёқангни тишлайсан. Ширин тилнинг, яхши ниятнинг ижобат бўлмас куни бўлмайди.

* “Ит ириллар”, “Кампир ўлди” одатлари бир қадар қадимий бўлса-да, кекса бувиларимиз “Кампир ўлди”да “...шу келин-куёвлар бизларнинг ёшимизга етиб, қўша қариб юришсин” деб ирим билан ўрин-жойларига юмалаб беришган. Ҳозир қўша қариш деган сўздан худди сийқаси чиққан гапдай бурун жийирадиганлар ҳам топилар балким, аммо буни оиласидан эрта айрилиб ори-номусидан жудо бўлганлар яхши билишади. Эҳ! Қўша қариб яшамоқда маъни кўп.

* Чилла! Бу – кузнинг ёки қишнинг чилласи эмас. Бу келин-куёвнинг ёмон кўзлардан йироқ бахтли-тахтли яшаб кетиш учун ўзларини, қадамини бироз аямоқ деганидир. Чиллани оёқости қилиб бахтли бўлганлар кам. Ётқараш ёт нигоҳлардан ўзни бироз олиб қочиш, босар-тусарини билмай кечалари сандироқлашдан тийилиш, чиллали уйни нурсиз, чироқсиз янги келинни эгасиз қолдирмаслик аслида унчалик қийин иш эмас. Катта ҳаёт остонасида туриб зинҳор ва зинҳор ўйламай қадам босманг, чилла бу асли ҳимоятдир.

Тўй ҳам қадрият

Бугунгача республикамизнинг асосан Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида сақланиб қолган ва урф-бўлиб келаётган “Боқон тутиш”, “Болқон тутиш”, яъни тўй куни ота уйидан олиб чиқиб кетилаётган келиндан совға олиш (баъзан бу одат келин куёвникига кириб келаётган маҳалда ҳам амалга оширилади) одатидир. Баъзан бу одатни қизларини шундай бериб юборишни истамаган хотин-халаж ва ёш болалар ҳам амалга оширишган.

Бунинг асл маъниси эса ўша келин бўлиб кетаётган қизда кўнгли бўлган, қизни ёт элга, ёт манзилга узатишни истамаган гинадор йигитларнинг “қароқчилик”ларидир. Бунда асосан келин олиб чиқиб кетилаётган йўлга арқон тутиб йўл тўсилади.  Бу “ўлпон” оддий қўлрўмол, белбоғ ва озроқ пул тарзида тўланади.

Бу бир қарашдан йўлтўсарликка ўхшаб кўринса-да, асл маъниси: қадим қадриятларимизда яхши қизни ётга кўзи қиймаслик. Кичик “тўлов” билан қизнинг қадрини ошириш деганидир. Тилини тишлаб қолган ошиқлар эса ўзидан кўрсин...

Юзга ун суриш одати

Бундан ташқари республикамизнинг кўпчилик ҳудудларида кекса қуда бувилар, қуда холаларимизни тўй куни қаршилаб остонадан кутиб олган иккинчи қуда томоннинг аёллари келганларнинг юзларига ун суриб, қучоқ очиб кутиб олишади. Бу кутиб олиш; амма-ю, холалар, келин янгаларнинг “сийлов”и бўлса-да, асл маъниси: “қуда бўлиб юзи оқ, юзи ёруғ бўлиб кўришиб юрайлик” деганидир.

Саҳифа билан улашиш

Хизматда бўлганлар